Президент Шавкат Мирзиёев ўз Администрациясининг 284 нафар ходимини қисқартириб, Администрациянинг янги таркибини тасдиқлаган. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Асадовга кўра, эндиликда Президент Администрацияси фаолиятида 5 та устувор йўналиш белгиланди.
Булар —
- таълим;
- бизнес;
- суд-ҳуқуқ тизими;
- тиббиёт;
- сув ресурслари.
Бир вақтнинг ўзида фармонга мувофиқ, Президент ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) тугатилиб, унинг ўрнида Миллий контент ишлаб чиқариш маркази ташкил этилиши маълум қилинган.
Янги юзлар?
Президент Мирзиёев фармони билан Администрация раҳбари - Саида Мирзиёевага 5 нафар ўринбосар тайинланган. Улардан фақат бир нафари - Ҳилола Умарова муқаддам ҳукуматда ишлаган ва жамоатчиликка яхши таниш. Мактабгача ва мактаб таълими вазири лавозимидан ишлаб келган Умарова таълим соҳасидаги ислоҳотлар туфайли ҳукуматнинг энг кўп танқид қилинган вазирларидан саналади.
Қолган ўринбосарлар:
Тамила Анваровна Алиева Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг тиббиётни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари;
Тимур Нурйигитович Бутунбаев Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг сув таъминоти тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди;
Нодира Жалаловна Хакимова Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари;
Шерзод Фарход ўғли Озодзода Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг тадбиркорлик лойиҳалари бўйича ўринбосари;
Дилноза Мурадовна Зиямухамедова Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари котибияти мудири лавозимларига тайинланди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
“Парда ортидаги ўйинлар”. Кичик куёв, ДХХ, Саида ва Алламжонов
Ўтган ой Шавкат Мирзиёев президент Администрациясида янги тайинловларни амалга оширган, ўзининг тўнғич қизи Саида Мирзиёевани ПА раҳбари этиб тайинлаганди.
Мирзиёева 2016 йил сентябрида отаси ҳокимиятга келганидан буён администрациянинг учинчи раҳбари бўлган.
2023 йилда ПАнинг иккинчи раҳбари Сардор Умурзоқов ишлан олиниши ортидан Администрация раҳбари лавозими тугатилганди. Янги тузилмада Мирзиёева президент ёрдамчиси лавозимига тайинланган.
Алламжонов эффекти?
Охирги ўзгаришлар Саида Мирзиёеванинг яқин иттифоқчиси ва президент Администрациясининг собиқ юқори мартабали мулозими Комил Алламжоновга Тошкентда ўтган йил октябрида уюштирилган суиқасддан сўнг содир бўлмоқда.
Суиқасдга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинганлар орасида Президент хавфсизлик хизмати ва куч тизимларининг собиқ юқори мартабали мулозимлари ҳам бор.
Улар устидан суд жараёнлари ёпиқ ўтган ва Ўзбекистон расмийлари суиқасд мотивлари борасида ҳеч қандай расмий маълумот бермаган.
40 яшар Комил Алламжонов ўтган ой президент Администрациясига, ПА раҳбарининг мустақил маслаҳатчиси сифатида қайтди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўзбекистондаги ҳокимият учун курашда огоҳлантирувчи ўқ отилдими?
Сўнгги хабарларга кўра, Администрациянинг янги тузилмасида собиқ Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, ПАнинг собиқ раҳбари Сардор Умурзоқов ва собиқ Адлия вазири Русланбек Давлетовлар лавозимларини сақлаб қолган.
Президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келган Сардор Умурзоқов президентининг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган.
Администрациянинг янги таркибида турли вақтларда турлича номланган ушбу тузилмада энг узоқ вақт ишлаган марҳум президент Ислом Каримовнинг ишлар бошқарувчиси Зелимхон Ҳайдаров ҳам лавозимини сақлаб қолган.
80 яшар Ҳайдаров Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган.