Бутун куч ва заҳираларини Украинадаги урушга ташлаган Россиянинг таъсири жанубий чегаралари бўйлаб, хусусан Арманистон ва Озарбайжонда сусаймоқда.
Озод европа/Озодлик радиоси суҳбатлашган таҳлилчиларнинг айтишларича, кучлар мувозанатининг ўзгариши Туркия, Европа Иттифоқи ва АҚШ каби бошқа ўйинчилар учун минтақада ўз таъсирини кенгайтириш имконини яратади.
10 июль куни Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Абу-Дабида учрашиб, тинчлик келишуви эҳтимолини муҳокама қилдилар. Эътиборлиси шундаки, бу музокараларда ҳеч қандай воситачилар — жумладан, Россия ҳам қатнашмади.
Ҳеч қандай муваффақиятли келишувга эришилмаган бўлса-да, икки давлат раҳбарлари икки томонлама музокараларга содиқ эканликларини ва "ишончни мустаҳкамлаш чоралари"ни давом эттириш ниятида эканликларини баён қилдилар.
Бироқ атиги беш йил олдин вазият тамоман бошқача эди.
2020 йилда бўлиб ўтган 44 кунлик урушда — асосан этник арманлар яшайдиган, лекин халқаро ҳамжамият томонидан Озарбайжон ҳудуди деб тан олинган Тоғли Қорабоғ учун — икки давлат ўртасидаги анъанавий душманлик яна алангаланди. Урушдан сўнг Россия президенти Владимир Путин оташкесимга воситачилик қилиб, Москванинг минтақадаги анъанавий таъсирини яна мустаҳкамлади.
Бироқ бу келишув Бокулик “Айна-Зеркало” газетаси таҳлилчиси Рауф Миргадиров таъбирича, “тарихий бурилиш”га олиб келди.
“Қорабоғ бўйича 30 йилдан зиёд давом этган можаролардан сўнг, бу икки давлат ҳозир бир-бирига яқинлашиб, Россиядан узоқлашмоқда”, дейди у Озодлик билан суҳбатда. “Иккала мамлакат ҳам Россия таъсиридан халос бўлишни хоҳлаяпти ва бу улар учун имконият, чунки Россия Украина уруши билан жуда банд.”
Арманистон Халқаро муносабатлар ва хавфсизлик институти таҳлилчиси Рубен Мехрабиан фикрича, Ереван бу вазиятдан фойдаланиб, Москва таъсиридан қутулишга интилаяпти.
“Россия Арманистон доимо можароларда қолишини истаган, шунда у бизга ёрдам бериш баҳонасида доимий равишда бу ерда бўла оларди”, дейди у. “Лекин Арманистон бу муаммоларни ҳал этиб, рус ҳарбийларини мамлакатдан чиқариб юборишни хоҳлаяпти. Бу эса Россияга ёқмаяпти.”
Тортишув ва айбловлар
Қатор таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Ереван ва Москва ўртасидаги муносабатлар 2016 йилда — Қорабоғ бўйича қисқа муддатли тўқнашув пайтида ёмонлаша бошлаган.
Ўша можаро Россия воситачилигида тўхтатилган бўлса-да, Озарбайжон айрим ҳудудларини ўз назоратига олди ва бу Арманистоннинг Москвадан ҳафсаласини пир қилди.
Ереванда жойлашган Минтақавий тадқиқотлар маркази раҳбари Ричард Гирагосяннинг айтишича, бу воқеалар “Арманистоннинг Россияга хавфсизлик ҳамкори сифатида бўлган ишончи сусайишининг бошланиши эди.”
“2016 йилдаги урушдан сўнг Россия сиёсатини Озарбайжон томон бурди”, дейди у.
2020 йилдаги тўқнашувдан сўнг вазият янада ёмонлашди — Боку Тоғли Қорабоғни назоратига олди, Россия эса яна Ереванни етарлича қўлламади.
Сўнгги воқеалар бу икки иттифоқчи давлат ўртасидаги муносабат қай даражада совуқлашганини кўрсатди.
17 июнь куни асли арманистонлик миллиардер Самвел Карапетян “ҳокимиятни ноқонуний йўл билан эгаллашга даъват этганлик” айби билан қўлга олинди.
Гирагосян бу қўлга олинишни “Арманистон ҳукумати томонидан Россиянинг 2025 йилги парламент сайловларига аралашишининг олдини олиш” сифатида баҳолади.
“Лекин бу фақат сайлов эмас — бу, умуман олганда, Россия манфаатларига қарши туриш, унинг мамлакатдаги таъсирини чеклаш уринишидир”, дейди у. “Бу шахс Москвада шаклланган, у кенг жамоатчилик томонидан Путин тарафдори сифатида қабул қилинади.”
Бундан бир неча кун ўтиб, 25 июн куни Арманистон расмийлари Арманистон Апостол черковининг машҳур вакили Архиепископ Баграт Галстанянни ҳокимиятни ағдариш режасида айблаб ҳибсга олдилар.
Бунга жавобан Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров черковга қарши “асоссиз ҳужумлар”ни тўхтатишни талаб қилди ва уни “Арман жамиятининг асосий таянчларидан бири” деб атади.
Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян эса ўз навбатида Москвага қарши жавоб бериб, Россияни мамлакат ички ишларига аралашишда айблади.
Озарбайжон ҳам Москвадан узоқлашмоқда
Фақатгина Арманистон эмас — Боку ҳам Москвадан узоқлашмоқда.
Июнь ойи охирида Илҳом Алиев Россия Бош вазири ўринбосари Алексей Оверчукнинг ташрифини бекор қилди, юқори даражадаги учрашувларни тўхтатди ва Боку шаҳрида ўтказилиши керак бўлган рус маданий тадбирларини ҳам бекор қилди.
Бу ҳаракатлар Екатеринбургда бўлиб ўтган полиция рейди пайтида икки этник озарийнинг ҳалок бўлиши ва уларга нисбатан қийноқлар ҳақидаги даъволардан сўнг амалга оширилди.
Россиянинг Зангезур муаммоси
Беш йил аввал Россия минтақадаги таъсирини сақлаб қолиш учун бошқа режаларга ҳам эга эди — жумладан, ҳарбий ҳозирлик орқали.
2020 йилда Россия, Арманистон ва Озарбайжон ўртасида имзоланган ўт очишни тўхтатиш шартномаси иқтисодий ва транспорт йўлларини қайта очишни кўзда тутган эди. Унга кўра, Арманистон Озарбайжоннинг асосий қисми билан унинг Нахчивон анклави ўртасидаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлаши керак эди, ва бу йўл — “Зангезур коридори” — Россия ФХХ (ФСБ) назорати остида бўлиши керак эди.
“Балки Зангезур коридори бугунги кунда Россиянинг минтақада қолиш учун ягона амалий имкониятидир”, деган эди Карнеги жамғармасининг россиялик таҳлилчиси Кирилл Кривошеев 2023 йилда Озодлик радиоси Озарбайжон хизматига берган интервъюсида.
Музокаралар давом этаётган бир пайтда, Россия ФСБси назорати ҳар қандай якуний келишув таркибида бўладими-йўқми — ҳали ҳам ноаниқлигича қолмоқда.
Март ойида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян келишув имзолангандан сўнг Арманистон-Озарбайжон чегарасида ҳеч қандай хорижий давлат ҳарбийлари жойлаштирилмаслигини айтган эди. Озодлик мухбири Вадим Дубновга кўра, бу ғоя озарбайжонликлар учун ҳам унчалик жозибали эмас.
“ФСБ кучларини жойлаштириш Қорабоғ муаммоси ҳал этилмасдан олдин Озарбайжон учун бирон маънога эга бўлган бўлиши мумкин эди,” дейди у. “Лекин ҳозирда Арманистон билан тўғридан‑тўғри музокаралар олиб бориш — Россиянинг аралашувисиз — Боку учун анча манфаатли.”
Зангезур устидан назорат — катта геосиёсий манзаранинг бир қисми
Зангезур устидан назорат ўрнатиш катта геосиёсий манзарага ҳам боғлиқ: яъни, Хитойни Европага боғлайдиган ва Россияни четлаб ўтадиган йўл — “Ўрта йўлак”.
“Зангезур — бу Ўрта йўлакнинг бир қисми,” дейди таҳлилчи Рауф Миргадиров. “Россия нафақат Зангезурни назорат қилишни, балки Жанубий Кавказдаги барча ер ва ҳаво йўлларини ўз қўлида ушлашни истайди. Лекин менимча, минтақавий хавфсизлик ташаббусларига Туркия етакчилик қилишга тайёр турибди.”
Янги минтақавий ўйинчилар
Таҳлилчилар Россия таъсири сусайиб бораётганини тан олган ҳолда, чуқур иқтисодий ва тарихий боғлиқликни бирданига узиш имконсиз эканини ҳам айтишади.
Бироқ, россиялик таҳлилчи Кирилл Кривошеевнинг таъкидлашича, 2022 йилдаги Украинага қарши Россиянинг кенг кўламли босқинидан сўнг, Арманистоннинг Россияга иқтисодий қарамлиги ҳам секинлик билан ўзгармоқда.
“Туркия Россия учун асосий импорт ҳамкорига айланди. Кўплаб товарлар Туркия ва Озарбайжон орқали олиб ўтилмоқда,” деган эди у 2023 йилдаги интервьюсида. “Истанбул бўғозлари жуда муҳим ва Озарбайжон ҳозир Россия гази учун асосий транзит марказидир. Биз нефть ва газни Озарбайжонга сотамиз, улар эса Европага сотишади. Бу қонуний ва санкцияларга зид эмас.”
“Jamestown Foundation” марказининг катта илмий ходими Пол Гобл Озарбайжоннинг аҳамияти ортиб бораётганини таъкидлади.
“Алиев ниҳоят тушуниб етдики, Москва Озарбайжонга керак бўлгани каби, Озарбайжон ҳам Россияга керак,” деди у. “Қачонки сиз иккинчи томон у сизга сиз унга қараганда кўпроқ эҳтиёж сезишини англасангиз — ҳисоб-китоб қилиш услубингиз ўзгаради.”
1990-йилларда Қорабоғ можароси пайтида Туркия Озарбайжонни қўллаб-қувватлаган ва Арманистон билан чегараларни ёпган эди. Бундан ташқари, тарихий урушлар ҳам икки мамлакат ўртасида мураккаб муносабатларга сабаб бўлган. Шунга қарамасдан, ҳозир бу алоқалар эҳтиёткорлик билан тикланаётган кўринади.
Июнь ойида Никол Пашинян Туркияга ташриф буюриб, Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашди — бу икки томонлама музокараларга бағишланган биринчи расмий сиёсий ишчи ташриф эди.
“Арманистон иқтисодий жиҳатдан Россияга боғлиқ, чунки ташқи бозорлар билан алоқаларимиз асосан Грузия орқали Россия бозорига уланади,” дейди Рубен Мехрабиан. “Эрон билан чегарамиз очиқ, лекин унинг инфратузилмаси чекланган. Агар Туркия чегараси очилса, Арманистон Европа бозорларига чиқиш имконига эга бўлади.”
Шунга қарамай, Арманистон барча умидини Туркияга боғлаётгани йўқ. Мехрабианнинг айтишича, Ереван АҚШ ва Европа Иттифоқи билан ҳам алоқаларни мустаҳкамламоқда.
“Биз ЕИ ва АҚШ билан ҳамкорликни юқори поғонага кўтариш устида ишлаяпмиз,” дейди у. “АҚШ билан стратегик ҳамкорлик хартияси имзоланган. Европа Иттифоқи билан эса қонунчилик соҳасида яқинлашув амалга оширилмоқда — гарчи ЕИ аъзолигига олиб борувчи йўл узоқ бўлса ҳам.”